Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тўқаев Яқин Шарқдаги сулҳ битимига муносабат билдирди

Тўқаев Яқин Шарқдаги сулҳ битимига муносабат билдирди

Фото: Оқўрда матбуот хизмати

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 28 февралдан буён Яқин Шарқда давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилишига муносабат билдирди.

“Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Покистон Қуролли кучлари бош қўмондони, фельдмаршал Осим Мунир воситачилигида Яқин Шарқда сулҳ ва ўт очишни тўлиқ тўхтатиш борасида битимга эришилганини олқишлайди. Ушбу битим АҚШ президенти Дональд Трамп ҳамда Эрон олий раҳбарияти, шунингдек, ҳарбий зиддиятга тортилган барча мамлакатларнинг эзгу иродаси ва донишмандлиги туфайли рўёбга чиқди”, – деб баёнот берди Қозоғистон раҳбарининг матбуот котиби Ойбек Смадияров.

Қайд этилишича, Қ.Тўқаев дунё савдоси барқарорлиги ҳамда мамлакатларнинг иқтисодий тараққиёти учун узоқ муддатда сулҳ битимига риоя этилишига умид билдирган.

Аввал хабар берганимиздек, президент Трамп кеча Эрон билан икки ҳафталик сулҳга эришилганини маълум қилди.

Ўз навбатида Эрон ҳукумати сулҳга розилигини тасдиқлаб, мамлакат “буюк ғалабага эришгани” ва “жинояткор Американи 10 банддан иборат режани қабул қилишга мажбурлагани”ни айтди.

ОАВ хабарига кўра, Теҳрон АҚШ ва иттифоқчиларининг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиш, Ҳўрмуз бўғози устидан назоратни сақлаш, уранни бойитиш ҳуқуқини сақлаш, асосий санкцияларни бекор қилиш, етказилган зарар учун товон ундириш каби талабларни илгари сурган.

Аммо АҚШ ва Эрон ўртасида икки ҳафталик оташкесим келишуви эълон қилинганидан сўнг ҳам минтақада жанговар ҳаракатлар кузатилгани айтилмоқда.

Бу эса таҳлилчиларнинг томонлар муросага келиши ўта мушкул деган фикрини тасдиқлайди.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам Покистон раҳбарияти воситачилигида Яқин Шарқда ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва сулҳ ўрнатилиши эълон қилинганини олқишлади. Расмий Тошкент можароларни фақат тинч йўл билан, БМТ Низоми тамойилларига мувофиқ қатъий равишда ҳал этиш зарурлиги тўғрисидаги ўзгармас позициясини яна бир карра тасдиқлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг