Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилаган

Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилаган

Бугун, 21 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

«Бугун инсоният янги цивилизация босқичига – сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда.

Бундай технологиялар иқтисодиётдан тортиб, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқарув тизимигача чуқур кириб бормоқда.

Қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, аниқ натижа қилса, бир қадам олдинда юрса, марра шуники бўлади», – деди давлат раҳбари.

Йил бошида 2030 йилга бориб, дунё иқтисодиётида сунъий интеллект ҳажми 15 триллион долларга етиши прогноз қилинган бўлса, ҳозирги таҳлиллар бу рақам 20 триллион доллардан ортишини кўрсатяпти.

Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Қисқа даврда давлат хизматлари, банк-молия, жамоат хавфсизлиги, транспорт каби йўналишларда 30 дан ортиқ пилот лойиҳалар ишга тушди.

Ўтган йили Сунъий интеллектни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.

Рақамли технологиялар вазирлигида мазкур соҳа билан ишлайдиган алоҳида марказ ташкил этилди.

Бир йилда мамлакатимиз сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилади (дунёда 70-ўрин, Марказий Осиёда 1-ўрин).

2030 йилда сунъий интеллектга асосланган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш режа қилинган эди. Лекин хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда.

Бунинг учун Рақамли технологиялар вазирлиги янада кўп ишлаши, вазирлар, ҳокимлар, тармоқ раҳбарлари эса ҳафтада бир кунини шу соҳани ривожлантиришга ажратиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

«Ҳамма вазирлар, ҳокимлар чет элга борганида сунъий интеллект иқтисодиёт тармоқлари ривожига қандай ҳисса қўшаётгани, аҳолига, бизнесга нима енгиллик бераётганини кўряпти. Бизда ҳам шуни қилса бўладими? Албатта, бўлади», – деди Президент.

Масалан, тармоқлардаги кўплаб корхоналар бизнес жараёнларини рақамлаштириб, харажатларини 10 фоизгача камайтираётгани қайд этилди. Сунъий интеллект ҳам жорий этилса, самарадорлик янада ошиши таъкидланди.

Адлия, солиқ идоралари сунъий интеллект ёрдамида 24/7 режимида онлайн маслаҳат тизимини ишга туширди. Божхона қўмитаси сунъий интеллект орқали хавфни бошқариш тизимини йўлга қўйди. Геологияда ҳам сунъий интеллект ёрдамида видеотаҳлил тизимини йўлга қўйиб, рудадан олинадиган металл ҳажмини 1-2 фоизга ошириш бўйича лойиҳа тайёрланмоқда. Бу биргина мис қазиб олишнинг ўзидан йилига 20 миллион доллар қўшимча даромад келтиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг