Хайрли тадқиқотлар ортидаги офатлар: уларнинг асл сабаблари ҳануз мавҳумлигича қолмоқда
1923 йил ёзида жаҳон археологияси тарихида оламшумул янгилик содир бўлди. Англиялик Хауард Картер бошчилигидаги илмий гуруҳ аъзолари Миср фиръавини Тутанҳамон дафн этилган ва унинг бойликлари яширилган хонанинг махфий эшигини топиб, ичкарига киришди. Даҳмадаги қазишма ва тадқиқот ишлари қарийб олти йил давом этди. Аммо баайни ўша кезлар экспедиция ходимларига бирин-сирин кўз тегиб, чор тарафда ақл бовар қилмас ҳодисалар кузатила бошланди...
Энг аввало, экспедицияга ҳомийлик қилган лорд Карнарвон қўққисдан вафот этди. У жон бериши арафасида Қоҳира электр тармоғи фалокатга юз тутди. Бироқ бу ҳодисанинг ҳам, лорднинг ўлими сабабини ҳам аниқлашнинг иложи бўлмади.
Ҳаял ўтмай, Карнарвоннинг рафиқаси Альмина заҳарли чивин қурбонига айланди. Басма-басига лорднинг ўгай акаси, ҳамшираси ҳамда америкалик миллиардер, сураткаш, шифокор, ҳаяжонли ва унутилмас дақиқаларда Тутанҳамоннинг мўмиёланган жасадини тасвирга туширган Артур Мейс ҳам омонатини топширди.
Фиръавн тобутини очишда Хауардга ёрдамлашган йигитлардан бирининг ёстиқдоши баногоҳ ўзини деразадан ерга ташлаб, ҳалок бўлди. Даҳмада қазишма ишлари ниҳоясига етган 1929 йили Картернинг котиби Ричард Бетепл ўз тўшагида жонсиз ҳолатда топилди. Унинг 87 ёшли отаси бу мусибатга чидолмай, қалтис йўлни танлади. Ўзини еттинчи қаватдан пастга отиб, умр хатига абадул-абад нуқта қўйди. Тобут ортилган арава эса қабристон йўлида ёш гўдакни босиб кетиб, унинг ҳаёт юлдузи эрта сўнишига сабабчи бўлди. 1939 йилга келиб, Картер ҳам омонатини топширди.
Алқисса, 16 йил ичида экспедициянинг, хоҳ ёш-хоҳ кекса бўлсин, ўттиз нафар аъзосидан бирортасиям тирик қолмади, барчасининг қисмати фожиали якун топди. Ажабо!
Йўқ, бу ҳали ҳаммаси эмас. Тутанҳамон даҳмасидан топилган бебаҳо ёдгорликлар 1972 йили Лондондаги кўргазмага келтирилади. Қарангки, уларни олиб келган самолёт учувчиси ва борт муҳандиси юрак хуружига учраб, жон таслим қилишди. Экипажнинг қолган аъзолари эса минг бир бало-қазога гирифтор бўлишди.
Шунга ўхшаш кўнгилсизлик 1978 йили ҳам қайталанди. АҚШда очилган кўргазмада Тутанҳамон бойликларини Сан-Франциско полицияси лейтенанти Жорж Лебраш қўриқлай бошлади. Қўриқлади-ю, орадан бир йил ўтар-ўтмас, қўл-оёғи шол бўлиб қолди...
Қисқаси, кимки Тутанҳамон ёдгорликларини топган ёки уларга яқинлашган бўлса, кўзга кўринмас қандайдир илоҳий куч олдида «ҳисобот» берарди. Аксарияти сирли тарзда оламдан ўтар, қолганлари бедаво дардга мубтало бўлиб, тўшакка михланарди. Устига-устак, бу ҳодисаларнинг асл сабаблари аниқланмай қолди. Оқибатда халқ орасида узунқулоқ гап-сўзлар урчигандан урчийди. Ҳатто экспедиция аъзолари шаънига бемаврид тош отувчилар ҳам пайдо бўлади.
Масалан, бир гуруҳ кишилар «Хауард Картер ҳеч қандай кашфиёт қилмаган, аксинча, шон-шуҳрат қозониш учун сохтакорликка қўл урган» қабилидаги фикрни ўртага ташлашди. Уларнинг таъкидлашича, даҳмадан топилди деб эълон қилган буюм-жиҳозлар ҳақиқий эмас, балки мисрлик замонавий заргарлар томонидан ясалган нусхалари эмиш. Бу қаллобликни уюштирганлар эса, кирдикорлари фош бўлиб қолишидан чўчиб, қалтис чораларни қўллашганмиш. Бўлган воқеани оғзиларидан гуллаб қўймасликлари учун экспедиция аъзоларига суиқасд уюштириб, уларни бирма-бир йўқотишган эмиш.
Санкт-петербурглик таниқли санъатшунос Андрей Пуниннинг уқтиришича, бу иддаолар пуч даъводан бўлак нарса эмас. Сабаби, биринчидан, даҳмадан топилган дея тақдим этилган буюмлар ростданам қалбаки бўлса, уларни тайёрлаш учун бутун бошли ҳунармандлар гуруҳи камида беш йил тинмай тер тўкиши керак эди. Иккинчидан, замонавий ҳунармандлар фиръавнларнинг буюк маданиятига мансуб ёдгорликлар – Қоҳирадаги энг йирик музейда сақланаётган осори атиқаларнинг айнан ўзига ўхшаш янги нусхаларини яратишга қодир эмас. Учинчидан, Тутанҳамон тобути қўйилган хона эшигини очиш вақтида Англиянинг «Таймс» газетаси мухбири, радио ва фотожурналистлар, киночилар, матншунослар, кимёгарлар, лаборантлар ва бошқа касб эгалари ҳам иштирок этишган. Жараённи бошдан-оёқ кузатиб, кўп нарсаларнинг шоҳиди бўлишган. Лекин кейинчалик улар ҳеч қандай фалокатга дучор бўлмаган, бирон-бир тазйиқ ёки таъқибга учрамаган. Бу эса даҳма аслида очилмагани, қимматбаҳо буюм-жиҳозлар ясамалиги, қаллоблик ташкилотчилари гувоҳларни йўқотишга киришгани ҳақидаги тахминлар асоссизлигидан далолат беради.
Мантиқан қараганда, Андрей Пуниннинг мулоҳазаларида жон бор. Шу боис унга қўшилганлар Хауард Картер ўз иши билан қадимшунослик ривожига улкан ҳисса қўшган деган фикрни билдириб келишяпти. Айрим кишилар эса ҳамон буни тан олишни истамайди. Ўлганнинг устига тепгандай, қай бирлари бу кашфиёт эмас, кўзбўямачилик деган хулосаларида собит қолмоқда, қай бирлари эса Хауард Тутанҳамоннинг руҳини безовта қилгани боис қарғишга учради, бошқаларга касофати урди, деган даъвони олға сурмоқда.
Қандайлигидан қатъи назар, Хауард Картернинг тадқиқотлари натижасида қўлга киритилган маълумотлар Миср тарихи ва фиръавнлар ҳаётини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Фақат битта афсусланарли жиҳати, экспедиция аъзоларининг кейинги тақдирига оид нохушликлар сабаби ҳали ҳамон жумбоқлигича қоляпти.
А.Ҳайдаров.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter