2025 йилда Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори қандай бўлди?
2025 йилнинг IV чорагида Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида ўсиш суръатлари сезиларли тезлашди. Марказий банк маълумотларига кўра, ушбу даврда олди-сотди битимлари сони 89,7 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,5 фоизга ошган.
2025 йил бошидан жами транзакциялар ҳажми 319,5 мингтага етган бўлиб, умумий ўсиш 15,8 фоизни ташкил этди. Айниқса, Бухоро, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида юқори ўсиш суръатлари қайд этилди.
2025 йил давомида ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 29 фоизга ошиб, 21,2 трлн сўмни ташкил этди. Уларнинг уй-жой олди-сотдидаги улуши 22 фоизга етган.
Шу билан бирга, аҳоли реал даромадлари IV чоракда 9,2 фоизга ўсгани бозорда талабни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бири бўлди.
Қурилиш соҳасида ҳам фаоллик юқори даражада сақланиб, фойдаланишга топширилган уй-жойлар умумий майдони 15,9 млн квадрат метрга етди. Бу ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга кўп.
Уй-жой нархлари доллар ҳисобида ўсишда давом этган. Хусусан, бирламчи бозорда 5,7 фоиз, иккиламчи бозорда эса 7,9 фоизга қимматлашган.
Бироқ сўм ҳисобида нархлар нисбатан барқарор шаклланган. Бу ҳолат сотувчиларнинг нархни хорижий валютага боғлаб сақлашга интилаётгани билан изоҳланиши мумкин.
Ижара бозорида ҳам ўсиш кузатилиб, йил якунида нархлар 8,3 фоизга ошган. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ер участкалари нархи 9,4 фоизга пасайган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter