АҚШ–Эрон музокаралари тўхтади: Трамп делегация парвозини бекор қилди
АҚШ президенти Исломободда ўтиши кутилган музокаралар олдидан ўз вакилларига Покистонга учмаслик бўйича кўрсатма берди. У бу қарорни «сафарларга ортиқча вақт кетяпти» дея изоҳлаган.
Аввалроқ АҚШ делегацияси (жумладан, Стивен Уиткофф ва Жаред Кушнер) Исломободга бориши режалаштирилган эди. Трамп бу ташрифни сўнгги дақиқада бекор қилган, шу билан бирга, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҳам Покистонни тарк этди.
Трамп Эрон раҳбариятида «ноаниқлик ва ички келишмовчиликлар» борлигини таъкидлаб, АҚШ позицияси кучли эканини билдирди. Эрон томони эса музокаралар фақат воситачилар орқали ўтишини айтмоқда.
Исломобод музокаралар учун воситачи сифатида иштирок этаётган эди. Ароқчи Покистон сафарини «самарали» деб баҳолаб, минтақада тинчликни тиклаш бўйича мулоқотлар давом этаётганини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, илк музокаралар 11 апрель куни бўлиб ўтган, аммо натижа бермаганди. Шундан сўнг АҚШ Ҳўрмуз бўғозида блокада жорий этди, Эрон эса буни келишув бузилиши деб баҳолади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter