Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Буюк Британия «Челси» сотувидан тушган пулларни Украинага бермоқчи

Буюк Британия «Челси» сотувидан тушган пулларни Украинага бермоқчи

Буюк Британия ҳукумати россиялик миллиардер Роман Абрамовичдан «Челси» футбол клуби сотувидан тушган ва ҳозирда музлатиб қўйилган 2,5 миллиард фунт стерлингни Украинада урушдан жабр кўрганларга гуманитар ёрдам сифатида йўналтиришни талаб қилди. Лондон бу масала бўйича келишувга эришилмаса, ишни суд орқали ҳал қилишга тайёр эканини маълум қилган.

Британия бош вазири Кир Стармернинг таъкидлашича, ҳукумат «Путиннинг ноқонуний уруши оқибатида ҳаёти издан чиққан одамларга ҳар бир пеннинг (фунт серлингнинг юздан бири) етиб бориши» учун барча чораларни кўради. Британия расмийлари санкциялар остида бўлган Абрамовичдан маблағни Украинадаги энг заиф қатламларга йўналтириш бўйича аниқ таклифлар кутмоқда.

Абрамович эса ўз навбатида, ушбу маблағлар «урушнинг барча қурбонларига», жумладан россияликларга ҳам ёрдам сифатида сарфланиши керак, деган позицияни илгари сурмоқда.

Роман Абрамович 2022 йил март ойида 19 йил давомида эгалик қилган «Челси» клубини сотишини эълон қилган эди. Клуб америкалик тадбиркор Тодд Боули бошчилигидаги инвесторлар гуруҳига сотилди. Битим шартларига кўра, Абрамович клуб сотувидан шахсий фойда олмаслиги ва тушумни хайрия мақсадларига йўналтириши керак эди.

У 2,5 млрд фунтни Украинада урушдан жабр кўрганларга ёрдам бериш учун ташкил этиладиган хайрия жамғармасига ўтказишга ваъда берган. Аммо Британия ҳукумати ва Абрамович маблағларни қандай ва кимлар учун ишлатиш масаласида келиша олмагани сабабли пуллар ҳалигача музлатиб қўйилган ҳисобда қолмоқда.

Муаммо шундаки, Абрамовичга ушбу маблағлар бўйича жиноий айблов қўйилмаган. Шу боис Британия ҳукумати пулларни мажбуран мусодара қилиш учун унинг розилигига муҳтож.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг