Илгари депутатлик ўрни 1 миллион долларгача сотиларди...

Жорий йил 30 ноябрь куни Қирғизистонда мамлакат парламенти (Жогорку Кенеш) депутатлиги учун сайлов бўлиб ўтади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида сайлов тўғрисидаги янги қонун овоз бериш жараёнини шаффоф ва ҳалол ўтказишга хизмат қилишини айтган.
Жапаровнинг таъкидлашича, илгари Жогорку Кенешдаги депутатлик ўрни 100 минг доллардан 1 миллион долларга қадар сотилган бўлса, энди халқ ноиби курсиси савдога қўйилишига йўл қўйилмайди.
“Эндиликда ҳар бир номзод фақат ўз обрў-эътибори ва халқ ишончига таяниб кураш олиб боради. Биз шаффоф сайлов учун барча шарт-шароитни яратдик. Иш сайловчиларда қолган – улар фаол фуқаролик позициясини намоён этиб, овозларни сотиб олиш амалиётига йўл қўймасликлари лозим”, – деган Қирғизистон президенти.
Республика 30 та округга бўлинган ва ҳар бир округдан 3 нафар депутат сайланади. Айни чоқда, гендер балансини таъминлаш учун бир ўрин алоҳида ажратилган.
Қайд этилишича, овоз бериш жараёни рақамлаштириш шароитида ўтказилади: cайлов участкаларида камералар ўрнатилади, аэропорт ва йирик савдо марказларида қўшимча овоз бериш шохобчалари ташкил этилади.
“Сайлов янги тарихимизда максимал даражада тоза ўтиши керак. Асосий муаммо – овозларни сотиш ва сотиб олиш. Бу ҳолатга чек қўйсак, қолган масалалар ҳал бўлади”, – деган Жапаров.
Қирғизистон раҳбари сайлов жараёнида маҳаллийчилик, қариндош-уруғчилик каби иллатларга йўл қўймаслик муҳимлигини ҳам уқтирган.
Маълумот ўрнида: жорий йил 25 сентябрь куни Жогорку Кенеш ўз ваколатини муддатидан олдин тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. Мазкур масала юзасидан нутқ сўзлаган депутат Улан Примов мамлакат ҳаётидаги икки муҳим сиёсий ҳодиса – президентлик ва парламент сайловлари
ўртасидаги фарқ қисқа муддатни ташкил этиши, шунга кўра қонун чиқарувчи идора ўз ваколатини ихтиёрий равишда илгарироқ топшириши кераклигини айтган эди.
Бунга қадар парламент сайлови 2026 йил охирида, президентлик сайлови эса 2027 йил январида ташкил этилиши кутилаётган эди.
24.kg нашри парламентнинг кутилмаганда тарқатиб юборилиши ва янги сайлов тайинланиши юзасидан муқобил фикрларни эълон қилган.
Эксперт Эмиль Жўраевнинг фикрича, депутатликка номзодлардан кескин танқидий чиқиш ва мухолиф позицияни кутмаган маъқул.
Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Аркадий Дубнов ҳам сайлов округлари амалдаги ҳукуматга содиқ номзодларни саралашга эътибор қаратади деб ҳисоблайди. Чунки “ҳукумат режасига кўра, тезкор сайлов кампаниясидан кўзланган мақсад депутатлик корпусини Қирғизистондаги барқарорлик ва тартиб-интизомни мустаҳамловчи ишончли бошқарувдаги парламентга айлантиришдан иборатдир”.
Ҳуқуқшунос Таттубубу Эргешбаева эса суперпрезидентлик ҳокимияти амал қилаётган Қирғизистонда парламент аъзоларида асосан қонун ижодкорлиги ҳамда вакиллик ваколатлари қолганига эътибор қаратган.
Сиёсатшунос Алмаз Тожибойнинг тахминича, бу йил сайловда кўпроқ пул сарфлаган ва мақсадга мувофиқ гапларни гапирган номзодлар ғолиб чиқади.
“Гаров пули ва парламентга ўтиш кўрсаткичи ошгани инобатга олинса, зиёлилар ўта олмайди. Бу сайлов – бюджетга 3,5 минг доллар туҳфа эта оладиган ва овоз бериш кампанияси учун камида 20 минг доллар сарфлай оладиган бойлар учундир”, – деб ҳисоблайди Алмаз Тожибой.
Аксар таҳлилчилар сайлов ортидан Қирғизистон сиёсий ҳаётида жиддий беқарорлик юзага келмайди деган фикрда.
Аммо парламентаризм бўйича мутахассис, сиёсатшунослик фанлари доктори Илёс Қурмонов DW нашрига берган интервьюсида сиёсий тизими беқарор
ҳар бир мамлакат учун сайлов муайян хатар ва қалтислик туғдиришини таъкидлаган.
Қирғизистонда мустақиллик йилларида 8 та чақириқ парламентдан 5 таси ўз ваколат муддатини охиригача ўтай олмаган. Ҳукумат 35 марта истеъфога чиқарилган. Аксар ҳолларда оммавий норозиликлар ортидан 6 маротаба президент алишган.
Экспертнинг таъкидлашича, сиёсий институтлар, партиялар, судлар ҳаминқадар бўлган шароитда парламентни мустақил институт сифатида мустаҳкамлаш учун тизимли чоралар кўриш талаб этилади.
“Халқ ва мамлакатни ўз ортидан эргаштира оладиган кучли шахслар ва партиялар бўлсагина кучли парламент шаклланади. Агар Жогорку Кенешда камида 10 нафар кучли депутат бўлганида, Қирғизистон бошқача мамлакат бўлар эди”, – деган Илёс Қурмонов.
Бир палатали Жогорку Кенешда 90 нафар депутат фаолият юритади. Қирғизистон сайлов комиссияси маълумотига қараганда, мамлакат бўйича 4 миллион 287 минг нафар сайловчи рўйхатга олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter