Йил бошидан бери иш жойидаги бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлганлар 62 нафарга етди
Ўзбекистонда 2026 йилнинг январ–март ойларида меҳнат фаолияти билан боғлиқ 198 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилди.
Ушбу ҳодисаларнинг 9 таси гуруҳий, 139 таси оғир оқибатли, 49 таси эса ўлим билан якунланган. Умумий ҳисобда 62 нафар фуқаро иш жойидаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида ҳалок бўлган.
Шунингдек, ҳодисалар оқибатида 146 киши оғир тан жароҳати олган, яна 15 нафар фуқаро енгил жароҳатланган. Бу рақамлар меҳнат хавфсизлиги масаласи долзарблигини яна бир бор кўрсатмоқда.
Бахтсиз ҳодисаларнинг энг катта қисми саноат ва қурилиш соҳаларига тўғри келади. Жумладан, саноатда 71 та, қурилиш соҳасида 54 та ҳодиса қайд этилган.
Қишлоқ ва сув хўжалигида 9 та, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 8 та, транспорт соҳасида ҳам 8 та ҳолат аниқланган. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида эса 4 тадан бахтсиз ҳодиса содир бўлган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 44 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Кейинги ўринларда — Сурхондарё (36 та бахтсиз ҳодиса), Тошкент (29 та), Навоий (18 та), Бухоро (16 та) ва Андижон (15 та) вилоятлари.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter