“Олис Европани Ўзбекистонга яқинлаштирмоқда”. Тошкентда муҳим маданий тадбир бошланди
6 ноябрь куни Тошкентдаги Миллий кино санъати саройида Х Европа кинофестивали очилиши муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев иштирок этди.
“Европа кинофестивали бу – шунчаки фильмлар намойиши эмас, балки чегаралардан ошиб ўтадиган муштарак ҳикоялар байрамидир. Европа киноижодкорлари нигоҳи орқали тажрибаларимиз ва ҳис-туйғуларимиз нақадар яқинлигига шоҳид бўламиз. Ўн йил давомида фестиваль Европани Ўзбекистонга яқинлаштирмоқда, янги ҳудудлар ва аудиторияларга етиб бормоқда. Шу тариқа маданий алмашинув ва дўстликнинг ёрқин рамзига айланди”, – деди ЕИ элчиси Тойво Клаар.
“Европа кинофестивали – ўзбек киноижодкорларига замонавий кинога ўзгача ракурсдан назар ташлаш имконини берадиган ижодий ҳамкорликдир. Биламизки, Европа режиссёрлари образ, композиция ва ҳикоя ритми билан замонавий услубда ишлайдиган ижодкорлардир. Европа киноси ҳар доим кинокартиналарнинг майда тафсилотларига қадар эътибор, самимият ва томошабинга ҳурмати билан ўзбек томошабинлари эътиборини тортиб келган. Анъанавий тарзда ўтказилаётган Европа фильмлари намойишлари бир-биримизни сўзсиз, санъат тили орқали тушуниш, кино санъатининг янгича услубларидан баҳраманд бўлиш имкониятидир”, – деди Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев.
Фестиваль Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган ЕИга аъзо давлатлар элчихоналари билан ҳамкорликда, Кинематография агентлиги кўмагида ташкил этилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, фестиваль дастуридан бошқа маданий лойиҳалар ҳам ўрин олган.
2013 йилда ташкил этилганидан бери фестиваль Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алмашинув, ижодий ҳамкорлик ва умумий қадриятлар руҳини ўзида мужассам этиб келмоқда. Ўтган йиллар мобайнида ЕИнинг 22 давлати киноусталари суратга олган 110 дан зиёд фильм Ўзбекистоннинг тўққиз ҳудудида намойиш этилди. Муҳим маданий тадбир 30 мингдан ортиқ томошабинни бирлаштирди.

Бу йил эса 7-9 ноябрь кунлари Тошкентда ва 12 ноябрь куни Термизда намойишлар бўлиб ўтади. Фестиваль дастурига Европанинг 12 мамлакатидан 12 та сара фильм киритилган.
Кинофестиваль латвиялик режиссёр Гинтс Зилбалодис томонидан яратилган “Flow” (“Оқим”) номли анимацион фильм намойиши билан очилди. Мазкур фильм энг яхши анимацион фильм сифатида “Оскар” ва “Олтин глобус” мукофотларига сазовор бўлган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter