Тарихий ҳодиса: Трамп Оқ уйда аш-Шара билан учрашди
АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 10 ноябрь куни Оқ уйда Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашди. Бу ҳақда “Al-Jazeera” хабар берди.
Сурия муваққат ҳукумати ахборот вазири Ҳамза Мустафо учрашувдан сўнг, Х’даги саҳифасида Дамашқ АҚШ бошчилигидаги “Исломий давлат” (ИШИД) террорчи гуруҳига қарши халқаро коалицияга қўшилганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу билан Сурия терроризмга қарши курашда ҳамкор сифатидаги ролини мустаҳкамлаган ва минтақавий барқарорликни қўллаб-қувватлаган.
Вазирнинг таъкидлашича, мазкур келишув “фақат сиёсий характерга эга, унда ҳарбий жиҳат мавжуд эмас”. ОАВнинг қайд этишича, Суриянинг АҚШ бошчилигидаги коалицияга қўшилиши Аҳмад аш-Шара Вашингтонга ташриф буюргани сабабли олдиндан кутилган эди.
Учрашувдан сўнг, Дональд Трамп Сурия раҳбарини “кучли лидер” деб атаган. Трампнинг фикрича, аш-Шара Сурияни “жуда муваффақиятли” давлатга айлантира олади. АҚШ Давлат департаменти эса Сурияга қарши санкциялардан озод қилиш муддатини яна 180 кунга узайтирилганини хабар қилган. Қолаверса, Трамп аш-Шарани аввалдан ёқтиргани ва қўллаб-қувватлаганини билдирган.
Қайд этиш жоиз, Аҳмад аш-Шара Сурия 1946 йилда мустақилликка эришганидан бери АҚШ Президенти томонидан Оқ уйда қабул қилинган биринчи давлат раҳбари бўлди.
Аҳмад аш-Шара 2024 йил охирида ўша пайтдаги президент Башар Асадни ағдариб ҳокимиятга келган. У аввал Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан танилган. 2003 йилда у Ироқда АҚШ бошчилигидаги халқаро терроризмга қарши коалицияга қарши курашиш учун “Ал-Қоида”га қўшилган. 2006 йилда у АҚШ ҳарбийлари томонидан ҳибсга олинган ва беш йил давомида Ироқдаги қамоқхоналарда сақланган.
2011 йилда озод этилгач, у “Жабҳат ан-Нусра” – Сурия бўлими бўлган “Ал-Қоида” гуруҳини тузган ва бошқарган. Бу гуруҳ бир муддат ИШИД билан ҳамкорлик қилган. 2017 йилда “Жабҳат ан-Нусра” қайта тузилиб, “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”га айлантирилган ва асосий мақсади Асадни ағдариш бўлган.
Жорий йилнинг 10 ноябрь куни “Fox News” телеканалида чиқиш қилган аш-Шара, “Ал-Қоида” билан алоқалари ўтмишда қолгани, Трамп билан учрашувда бу мавзу муҳокама қилинмаганини айтган.
2014 йилда ИШИД жангчилари Сурия ва Ироқнинг катта ҳудудларини эгаллаб олган эди. Аш-Шаранинг ҳаёт йўлидан келиб чиқиб гапирсак, у АҚШ қўллаб-қувватлайдиган манзилдан ҳеч ўтмаган, аммо Трампнинг “аш-Шарани аввалдан ёқтирардим” деган сифати мавҳумлигича қолган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter