Тошкентда жамоат транспорти: 240 та автобус, янги йўналишлар ва «ақлли» светофорлар
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш ва унинг ўз вақтида қатновини таъминлаш мақсадида қатор янги чора-тадбирлар режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг қурилиш, коммунал, сув хўжалиги, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссиясининг 23 апрелдаги қарори қабул қилинган.
Айни пайтда пойтахтда 169 та йўналишда жами 1927 та автобус ҳаракатланмоқда. Кунлик қатновлар сони 23 мингтани ташкил этса, йўловчилар сони 1,4 миллион нафарга етади. Ҳаракат интервали ўртача 10–12 дақиқа, қатновларни бажариш даражаси эса 95 фоизни ташкил қилмоқда.
Шу билан бирга, тизимдаги муаммоларни бартараф этиш ва хизмат сифатини ошириш мақсадида транспорт паркини кенгайтириш режалаштирилган. Хусусан, қўшимча 240 та автобус харид қилиниши, 16 та янги йўналиш очилиши ва кунлик қатновлар сони яна 2 мингтага оширилиши кўзда тутилмоқда.
Йўлларда жамоат транспортига устуворлик бериш мақсадида алоҳида автобус йўлаклари кенгайтирилади. Режага кўра, 16,2 км BRT йўлаклари ҳамда 56 км янги ажратилган автобус йўлаклари ташкил этилади. Бу йўлакларда тартибни таъминлаш учун 600 дан ортиқ кузатув камералари ўрнатилади.
Шунингдек, бекат инфратузилмасини янгилаш ишлари ҳам амалга оширилади. 1116 та бекат реконструкция қилиниб, қўшимча равишда 70 та янги бекат қурилиши режалаштирилган.
Транспорт ҳаракатини самарали бошқариш мақсадида рақамли технологиялар жорий этилади. Жумладан, 545 та «ақлли» светофор ўрнатилиб, ҳаракатни реал вақт режимида бошқариш тизими йўлга қўйилади.
Мутахассислар томонидан шаҳардаги хавфли участкалар ўрганилиб, йўл ҳаракатини ташкил этиш схемаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, янги турар-жой массивлари ҳисобга олинган ҳолда бекатларни қайта жойлаштириш ва модернизация қилиш ишлари ҳам олиб борилади.
Йўлларда тирбандликларни камайтириш учун транспорт оқимлари доимий мониторинг қилинади ва тезкор чоралар кўрилади. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида жамоат транспортидан фойдаланиш афзалликларини тарғиб қилиш ишлари ҳам кучайтирилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter