Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда МО ва Озарбайжон маданият вазирлари учрашди

Тошкентда МО ва Озарбайжон маданият вазирлари учрашди

Жорий йилнинг 13 ноябр куни пойтахт Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида бошланган «Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак» мавзусидаги халқаро конгресс доирасида Марказий Осиё ва Озарбайжон маданият вазирларининг илк учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда кўп томонлама ҳамкорликнинг турли масалалари кўриб чиқилиши, маданият ва санъатнинг турли йўналишларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув кун тартибидан минтақавий маданий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, минтақадаги маданият арбоблари ўртасида маданий алмашинувни кенгайтириш ҳамда Марказий Осиё учун маданий брендни ривожлантириш каби масалалар ўрин олди.

Марказий Осиё давлатлари маданият вазирлари Тошкентда минтақавий маданий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришди.

Вазирлар Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихий, маданий ва маънавий яқинлик минтақавий бирдамликни мустаҳкамловчи муҳим омил эканини таъкидладилар. Томонлар 2022 йилда имзоланган «I асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома» тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

Учрашув давомида маданий алоқаларни янада кенгайтириш, халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақада тинчлик ва ўзаро тушунишни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди. Томонлар санъат, адабиёт, кино, театр ва мусиқа соҳаларида қўшма тадбир ва фестивалларни ўтказишни қўллаб-қувватлади.

Маданий меросни ўрганиш, тиклаш ва рақамлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни кенгайтириш, ёш ижодкорлар ўртасидаги алмашинув дастурларини ривожлантириш, семинарлар, конференсиялар ва ёзги мактабларни ташкил этиш масалалари бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, маданият ва санъат йўналишида кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш борасида ҳамкорликни кучайтириш нияти билдирилди.

Томонлар «Марказий Осиё маданий бренди»ни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш имкониятини кўриб чиқишга розилик билдирдилар. Кейинги вазирлар учрашувининг санаси ва жойи белгиланиши маълум қилинди.

Учрашув якунида, Марказий Осиё маданият вазирлари ўртасида ҳамкорлик юзасидан  тенг кучга эга беш нусхада баённома имзоланди.

Шунингдек, куннинг кечки қисмида маданият вазирлари пойтахтдаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Қозоғистон Республикасининг театр вакиллари томонидан саҳналаштирилган ва ижро этилган «Хон Султон. Олтин Ўрда» спектаклининг намойишида иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё маданият вазирларининг ушбу форматдаги учрашуви илк маротаба ўтказилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг