Хитой АҚШга Венесуэла масаласида талаб қўйди
Хитой ташқи ишлар вазирлиги биноси.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги АҚШдан ўғирлаб кетилган Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресни зудлик билан озод қилишни талаб қилди.
“Хитой Венесуэла президенти Н.Мадуро ва унинг рафиқаси АҚШ томонидан зўравонлик йўли билан қўлга олиниши ва мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши юзасидан чуқур хавотир изҳор этади. АҚШнинг ушбу хатти-ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ, халқаро муносабатларнинг тамал қоидалари, шунингдек, БМТ Низоми мақсад ва тамойилларининг очиқ поймол этилишидир. Хитой АҚШни президент Н.Мадуро ва унинг рафиқаси шахсий хавфсизлигини таъминлаш, уларни зудлик билан озод қилиш, Венесуэла ҳукуматини ағдаришни бас қилиш ва мавжуд масалаларни мулоқот ҳамда музокара йўли билан тартибга солишга чақиради”, – дейилади Хитой ТИВ баёнотида.
Аввал хабар берганимиздек, 3 январга ўтар кечаси АҚШ Венесуэла пойтахти Каракас ҳамда мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳарбий ҳужум уюштирди.
Ҳарбий амалиёт давомида Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес Каракасдаги саройидан ўғирлаб АҚШга келтирилди. Қўшма Штатлар расмий идоралари Николас Мадурога нисбатан наркотерроризм, гиёҳвандлик моддалари контрабандаси, ноқонуний қурол-яроғ савдоси каби моддалар бўйича айблов эълон қилган.
5 январь куни Нью-Йорк федерал судида бўлиб ўтган илк маҳкама мажлисида Николас Мадуро ўзининг айбсиз эканини айтган. Судья Мадуро ва Флоресни ҳибсда сақлашни буюрган ва кейинги суд мажлисини 17 мартга белгилаган.
Расмий Пекин Мадуронинг ўғирланиши ва қамоққа олиниши борасида кескин эътироз билдираётгани бежиз эмас. Таҳлилчилар Мадуро ҳокимияти ағдарилишидан Хитой катта зиён кўриши мумкинлигини айтмоқда.
Хитой сўнгги йилларда Венесуэлага кредит, заём ва сармоя кўринишида бир неча ўн миллиардлаб доллар маблағ берган.
Россиялик эксперт Алексей Маслов ҳисоб-китобига кўра, 2007 йилдан буён Венесуэла билан алоқаларни ривожлантириб келаётган Хитой мазкур давлатга 70 миллиард доллар сармоя киритган.
The Guardian газетаси ёзишича, 2000-2023 йилларда Венесуэла Хитойдан 106 миллиард доллар миқдорида давлат кредити олган.
Хитой Венесуэладан нефть олиш билан чекланмай, бу ерда энергетикадан тортиб тоғ-кон саноатига қадар – турли жабҳаларда ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.
Венесуэлада ҳокимиятнинг тубдан алмашиши Пекиннинг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини хавф остида қолдириши мумкин. Боз устига, Хитой АҚШнинг радикал ҳаракатига муносиб жавоб бера олмаса, минтақадаги Куба, Колумбия, Мексика каби ҳамкорлари ҳам қалтис вазиятга тушиши ҳеч гап эмас.
Дарвоқе, Венесуэла раҳбари Николас Мадуро АҚШ ҳарбийлари томонидан ўғирланишидан бир неча соат олдин Каракасдаги саройида Хитойнинг Лотин Америкаси бўйича махсус вакили Цю Сяоцини қабул қилган эди. Мадуро ижтимоий тармоқда Пекин делегацияси билан учрашув ҳақида ёзаркан, Хитой ва Венесуэла ўртасидаги биродарлик, дўстлик ришталари ҳам қувончли, ҳам қайғули кунларда мустаҳкам эканини таъкидлаганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter