Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хитой АҚШни Ҳўрмуздаги хавфли ўйиндан огоҳлантирди

Хитой АҚШни Ҳўрмуздаги хавфли ўйиндан огоҳлантирди

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Ҳўрмуз бўғозидаги ҳаракатларини танқид қилди. Пекин бу блокадани хавфли ва масъулиятсиз қадам сифатида баҳоламоқда.

Хитой ТИВ расмий вакили Го Цзякун ОАВ учун брифингда АҚШнинг ҳарбий фаолликни ошириши минтақадаги вазиятни янада кескинлаштириши мумкинлиги ҳақида тўхталган.

Унинг сўзларига кўра, бу каби ҳаракатлар аввал эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувига путур етказиши ва янги эскалацияга олиб келиши эҳтимоли бор.

«АҚШнинг ҳарбий иштирокни кучайтириши ва мақсадли қамали зиддиятларни янада чуқурлаштиради, кескинликни оширади ҳамда Ҳўрмуз бўғозидаги кема ҳаракати хавфсизлигига жиддий таҳдид солади», – деди дипломат.

Пекин бу каби ҳаракатлар нафақат минтақавий барқарорликка, балки глобал хавфсизликка ҳам салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Шу билан бирга, Цзякун Ҳўрмузга йўналган савдо кемалари фаолиятига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

«Ҳўрмуз бўғози маҳсулотлар ва энергия манбалари учун муҳим халқаро савдо йўналиши бўлиб, унинг хавфсизлиги, барқарорлиги ва ҳудуд орқали тўсиқсиз ҳаракатланишни таъминлаш халқаро ҳамжамиятнинг умумий манфаатларига мос келади», – дея таъкидлади Хитой ТИВ вакили.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан музокаралар муваффақиятсиз якунланганидан сўнг, 14 апрелдан бошлаб Эрон портларига нисбатан денгиз блокадаси жорий этилишини маълум қилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг