АҚШ айрим давлатлар фуқаролари учун виза гарови жорий этмоқда
АҚШ Давлат департаменти айрим мамлакатлар фуқароларига B1/B2 (туристик ва иш) визаси беришда мажбурий пулли гаров жорий этилишини маълум қилди. Бу чора виза муддатини бузиш кўрсаткичлари юқори бўлган давлатларга нисбатан қўлланилади.
Рўйхатга Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, шунингдек Африка, Осиё, Кариб ҳавзаси ва Лотин Америкасининг қатор давлатлари киритилган. Аксарият мамлакатлар учун қоида 2026 йилнинг 1 ёки 21-январидан кучга киради (айримларига бу тартиб 2025 йилнинг кузидан амалга кирган).
Янги тартибга кўра, B1/B2 визасига лойиқ деб топилган аризачи 5, 10 ёки 15 минг доллар миқдорида гаров қўяди (аниқ сумма виза суҳбати вақтида консул томонидан белгиланади). Гаров учун DHS Form I-352 топширилади ва тўлов фақат АҚШ ғазначилигининг расмий Pay.gov платформаси орқали амалга оширилади.
Шу билан бирга, гаров тўлаш визани кафолатламайди. Консул кўрсатмасисиз тўланган пуллар эса қайтарилмайди.
Гаров қўйган виза эгалари АҚШга фақат белгиланган (Boston Logan (BOS), New York JFK ва Washington Dulles (IAD) аэропортлар орқали кириб-чиқиши шарт.
Мазкур тоифа шахслар АҚШни рухсат этилган муддат ичида тарк этган ёки ушбу виза билан умуман АҚШга кирмаган ёинки аэропортда кириш рад этилган тақдирда гаров автоматик равишда қайтарилади.
Аксинча, визада белгиланган муддатдан ортиқ қолиш ёки мамлакатни умуман тарк этмаслик ёинки ноиммигрант визадан чиқиб, масалан, бошпана сўраш каби ҳолларда гаров пуллари қайтарилмаслиги мумкин. Бундай ҳолатлар АҚШ миграция хизмати (USCIS) томонидан кўриб чиқилади.
Манба: travel.state.gov


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter