АҚШ разведкаси Украина Путин қароргоҳига ҳужум қилмаганини аниқлади – WSJ
АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) Украина Россия президенти Владимир Путинга ёки унинг Валдайдаги қароргоҳига ҳужум қилмаган, деган хулосага келди.
Кремл бу ҳақдаги даъвони 29 декабрдан бери илгари суриб келмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина дронлари Владимир Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига 91 та дрон билан ҳужум уюштирганини маълум қилганди, аммо бу баёнот берилганидан бир неча кун ўтиб ҳам бу ҳужум чиндан рўй берганига оид далиллар тақдим этилмади.
Зеленский Лавровнинг баёнотларини «Россиянинг навбатдаги ёлғони» деб атади ва Москва Киевдаги ҳукумат биноларига зарба беришга тайёрланаётганини билдирди.
Путин қароргоҳига қилинган ҳужумга Москва шу кунгача бирор далил келтирмади. WSJ нашри эса Россия Мудофаа вазирлиги ўз маълумотларини мослаштираётганини ёзди.
Жумладан, Лавров ўз баёнотида Новгород вилояти осмонида Украинанинг 91 та дрони уриб туширилганини айтган бўлишига қарамай, Россия мудофаа вазирлигининг 29 декабр куни эрталаб берган ҳисоботида мамлакат бўйлаб Украинанинг жами 89 та дрони йўқ қилингани ҳақида маълум қилинган. Шундан фақат 18 таси Валдай қароргоҳи жойлашган Новгород вилояти ҳудудига кирган. Орадан бир ярим соат ўтиб вазирлик ушбу ҳудудда яна 23 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди.
Лавровнинг баёнотидан кейин эса мудофаа вазирлиги янги пост эълон қилди, унда рақамлардаги тафовутни изоҳлашга ҳаракат қилинган. Ҳарбий идоранинг таъкидлашича, Лавровнинг баёнотида келтирилган миқдор Брянск вилоятида тўхтатилган 49 та дрон ҳамда Смоленск вилояти узра тутиб қолинган яна бир дронни ҳам ўз ичига олган. Вазирлик улар ҳам Новгород йўналишида учганини билдирган.
«Валдайдаги маҳаллий аҳоли вакиллари эса дронлар учиб ўтиши ёки уларнинг йўқ қилиниши вақтидаги овозларни эшитишмагани, шунингдек, ҳужум хавфи ҳақида огоҳлантириш бўлмаганини айтмоқда. Маҳаллий форумда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ишлагани ёки мазкур регионда дронлар ҳаракатланганидан дарак берувчи фото ёки видеолар учрамади», – дея Урушни ўрганиш институти ходими Грейс Меэппснинг сўзларини келтиради The Wall Street Journal.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Валдай қароргоҳига ҳужум амалга оширилганига «қандайдир далил шарт эмаслиги»ни айтди ва буни «теракт» деб баҳолаб, Москва тегишли жавоб қайтаришини қўшимча қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter