Қозоғистонда ЛГБТ тарғиботини тақиқловчи қонун қабул қилинди
Қозоғистон парламенти 12 ноябрь куни ОАВ ва интернетда ЛГБТ тарғиботини тақиқлашга қаратилган қонунни бир овоздан қабул қилган эди. Мазкур ҳужжат бугун, 30 декабр куни мамлакат президенти Қосим Жўмарт-Тўқаев томонидан имзоланди.
Ҳужжат болаларни «соғлиғи ва ривожига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш» мақсади билан изоҳланмоқда.
Қонунга кўра, оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ва онлайн-платформаларда «ноанъанавий жинсий муносабатлар ва педофилияни тарғиб қилувчи» контентни тарқатиш тақиқланади.
Қоидабузарларга мамлакатда ўрнатилган ҳисоб-китоб кўрсаткичи миқдорининг 40 бараваригача жарима (2025 йилда тахминан 157 минг тенге, ёки тахминан 3,8 млн Ўзбек сўми) ёки такрорий ҳолатда 10 суткагача маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш қонунлар аввалроқ Россия, Венгрия ва Грузияда ҳам қабул қилинган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter