Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тўқаев БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ этишга чақирди

Тўқаев БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ этишга чақирди

Фото: Oқўрда матбуот хизмати

БМТ Хавфсизлик кенгаши тизимида ислоҳотлар ўтказиш муҳим ва ортга суриб бўлмас вазифа ҳисобланади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Токио шаҳридаги БМТ университетида сўзлаган маърузасида таъкидлади.

Сиёсатчи «Беқарорлик даврида стратегик ишончни тиклаш: Қозоғистон наздида янада адолатли ва барқарор дунё қандай бўлмоғи лозим?» деган мавзудаги чиқишида БМТ Хавфсизлик кенгашида Осиё, Африка ва Лотин Америкасини тамсил этувчи давлатлар ҳам кенгроқ иштирок этиши муҳимлигини қайд этган.

«Хавфсизлик кенгашида ўрта даражадаги державалар овози янада залворлироқ янграши, йирик ўйинчилар ўртасида зиддиятлар кучайган шароитда улар конструктив воситачи сифатида ўзини намоён этиб, мақбул қарорларни илгари суришда фаол бўлмоғи лозим. Қозоғистон ўз ташқи сиёсати миссиясини айни шу ролда кўради»,деган Тўқаев.

Қозоғистон раҳбари дунёда зиддиятлар кучайиб бораётганига эътибор қаратди.

«Бутун дунёда қуролли тўқнашувлар миқдори ва суръати сўнгги ўнйилликлардаги энг юқори даражага етди. Ўтган йили глобал миқёсда ҳарбий харажатлар рекорд миқдор — 2,7 триллион долларни ташкил қилди. Йирик давлатлар ўртасида рақобат авж олиши оқибатида БМТ Хавфсизлик кенгаши бирор бир йирик халқаро ихтилофни ҳал қила олмайдиган ҳолга келиб қолди», — деган у.

Сиёсатчи халқаро тузилмалар самарали фаолият юритиши учун стратегик ишонч тикланиши, жамоавий қарор қабул қилиш маданияти юксалиши лозимлигини айтган. Шунингдек, геосиёсий қутблашув кучайган ҳозирги паллада БМТнинг ролини ошириш муҳим эканини таъкидлаган.

Маълумот ўрнида: Токиода жойлашган БМТ университети БМТ Бош ассамблеяси томонидан ташкил қилинган глобал тадқиқот ва таълим маркази бўлиб, дунёнинг турли давлатларида фаолият юритувчи 13 та институтни бирлаштиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг