Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроил бу йил ҳам Ғазо аҳлининг Ҳажга боришига тўсқинлик қилди

Исроил бу йил ҳам Ғазо аҳлининг Ҳажга боришига тўсқинлик қилди

Масжидул-ҳаромда йиғилган юз минглаб мусулмонлар

Фото: AFP

Дунё мусулмонлари Маккаи мукаррамада – муқаддас Ҳаж арконларини бажариш учун йиғилган бир вақтда Исроил кетма-кет учинчи бор Ғазо аҳолисининг ушбу амални адо этишига тўсқинлик қилмоқда, деб хабар берди Al Jazeera  телеканали.

Ҳанан ал-Хамс 2024 йилда 3000 нафар фаластинлик билан биргаликда Ҳаж зиёратига йўл олиши керак эди. 2023 йил 7 октябрь куни бошланган вайронкор уруш ортидан у ислом динининг бешинчи фарзини адо этиш имконидан маҳрум бўлди.

Ҳанан ал-Хамс – Макка йўлига кўз тиккан минглаб ғазоликлардан бири. Фото: Al Jazeera

«(Урушда) фарзандим ҳалок бўлди, уй-жойим вайрон этилди. Энди эса ўн йиллардан буён кутганим Ҳаж сафари имконидан маҳрум қолмоқдаман», – дейди Ғазо шимолидаги вайроналар устида тикланган қўлбола чодирда яшаётган 65 ёшли аёл Ҳанан ал-Хамс.

Урушга қадар ҳам Ғазо секторига кириш ва ундан чиқиш учун Исроил расмий идоралари рухсати талаб этилган.

Исроил Ғазога 2007 йилдан буён татбиқ этиб келган қамал сиёсати сабаб қуруқлик, ҳаво ва денгиз орқали иш, ўқиш ёки зиёрат учун ҳудуддан чиқиш амримаҳол бўлиб келган. Урушдан кейин эса секторни тарк этиш бутунлай имконсиз бўлиб қолди.

Ғазонинг 2,3, миллион аҳолиси омонат чодирларда, вайроналар ичида жон сақламоқда. 72775 нафар фаластинлик эса уруш туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмди.

2025 йил октябрь ойида тузилган муваққат тинчлик битими ҳам қирғинбаротни тўхтата олмади. Ҳали ҳам тинч аҳоли вакиллари Исроил ҳарбийлари ўқига учмоқда.

Ғазо секторининг 60 фоизи Исроил армияси ишғоли остида қолаётган бир пайтда фаластинликлар кўплаб ҳуқуқлар қатори Ҳажга бориш имконидан ҳам мосуво этилган.

Аднан Абу Фул ва унинг рафиқаси Умму Иброҳим муқаддас Каъбани тавоф қилаётган зиёратчиларни уяли телефоннинг мўъжаз экранидан томоша қилар экан, кўзёшларини тия олмаётир.

Аднан Абу Фул ва унинг рафиқаси Каъбатуллоҳни ҳозирча телефон орқали кўра олади. Фото: Al Jazeera

«Уруш тўхтагач, Ҳажни адо этамиз деб умид қилгандик, аммо мана, уч йилки, бора олмаяпмиз», – дейди Абу Фул.

Ғазо вақф ва дин ишлари бўйича вазирлиги маълумотига қараганда, Исроил Миср билан чегарадош Рафаҳ назорат-ўтиш пунктини ёпиб қўйгани сабабли, сўнгги уч йил мобайнида 10 мингдан зиёд фуқаро Ҳажга бора олмаган.  

2026 йил май ойида Фаластин сиёсий тадқиқотлар маркази ўтказган тақдиқотда Исроилнинг Ғазо аҳолисига Ҳаж ва Умрани адо этишга тўсқинлик қилаётгани иқтисодий геноцид деб аталган. 

Ғазо секторида муқаддас зиёратни ташкил этиш билан шуғулланган туристик компаниялар уюшмаси раҳбари Муҳаммад ал-Асталнинг айтишича, уруш пайти ширкатларнинг офислари ҳам вайрон этилган.

Фаластин сиёсий тадқиқотлар маркази Тел-Авив маъмуриятининг ушбу хатти-ҳаракатини тасодифий амалиёт эмас, балки ғаразли сиёсат деб ҳисоблайди. Бу эса халқаро ҳуқуқ меъёрлари, жумладан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактнинг қўпол равишда бузилишидир.

Ғазо вақф ва дин ишлари бўйича вазирлиги ҳудуд аҳолисининг муқаддас арконларни адо этишига тўсқинликни бартараф этишда Саудия Арабистони, Миср ҳукуматлари ҳамда халқаро ҳамжамиятдан кўмак сўраган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил сентябрь ойи БМТ комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди. Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам ана шундай хулосага келган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг