«Мелисса» чекинди: у ўзидан қурбонлар ва вайроналар қолдирди
Дунёда кузатилган энг кучли тўфонлардан бири саналган «Мелисса» Кариб денгизи ҳудудининг шимолий қисмида жойлашган Ямайка, Куба ва Гаити оролларида ўзидан катта вайроналар қолдирди.
Гаитида камида 30 киши ҳалок бўлган, 20 нафари бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Ямайка расмийлари камида 19 киши ҳалок бўлганини маълум қилди ва қутқарув ишлари давом этар экан, қурбонлар сони ортиши кутилмоқда.
Пайшанба куни халқаро аэропорт қайта иш бошлагандан сўнг Ямайкага 12 та гуманитар ёрдам самолёти етиб келди – улар билан ичимлик суви ва дори-дармон етказилди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари эса йўллар ва инфратузилманинг вайрон бўлганлиги сабабли вертолётлар орқали қийин етиб бориладиган ҳудудларга ҳаводан ташланмоқда. Ҳукумат йўлларни тезда тозалаш ва жабрланган одамларга ёрдам етказиш ишларини ташкиллаштирмоқда. Қутқарув ишларига махсус ўқитилган итлар ҳам жалб этилган. АҚШ ҳам йўлларни тозалаш ва инсонларни эвакуация қилишда ёрдам кўрсатмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги кунда 13 мингдан ортиқ киши эвакуация марказларида яшамоқда, ҳудуднинг 72 фоизи электрсиз, алоқа ҳам жуда ёмон ҳолда.
Кубада ҳам тўфоннинг таъсири сезиларли бўлди, аммо одамлар аста-секин уйларига қайта бошлашди. Тўфон олдидан 735 минг киши эвакуация қилинган эди.
Ҳарбийлар изоляцияда қолган аҳолига ёрдам бермоқда. Оғир техника билан йўлларни тозалаш ишлари бошланган.
Расмийларнинг маълум қилишича, Сантьяго, Гранма, Ольгин, Гуантанамо ва Лас-Тунас провинциялари энг кўп жабр кўрган. Эль-Кобре шаҳри (7 минг аҳоли) энг кўп вайрона бўлган жойлардан бири. Кўплаб уйлар яшаш учун яроқсиз, шунингдек, шаҳарнинг машҳур базиликаси ҳам зарар кўрган. Кубада тўфон оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.
Гаитида эса «Мелисса» олиб келган сел ва сув тошқинлари натижасида ўнлаб одам ҳалок бўлди. 15 минг киши эвакуация марказларига жойлаштирилган. Камида 160 та уй шикастланган, 80 та уй бутунлай вайрон бўлган.
«Бу мамлакат учун қайғули дамлар», – деди Гаити президентлик Кенгаши раиси Лоран Сен-Сир ва қутқарув ишлари давом этиши билан қурбонлар сони ортиши мумкинлигини таъкидлади.
Кариб денгизи ҳудудида шаклланган «Мелисса» бу йил дунёдаги энг кучли тўфонга айланди. Унинг шамол тезлиги соатига 298 километрга етган, бу кўрсаткич 2005 йилда Янги Орлеанни вайрон қилган «Катрина» тўфонидан ҳам кучлироқ бўлган. Ўшанда «Катрина» 1 392 кишининг умрига зомин бўлган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter