Мозори Шарифдан Кобулгача: Элчининг тарихий хотиралари чоп этилди
Шу кунларда “Янги саҳифа” нашриётида таниқли дипломат Ёдгорхўжа Шодмоновнинг “Икки қутб орасида” номли китоби чоп этилди. Ҳар бир инсоннинг ўз ҳаёт йўли, манзиллари ва ёрқин хотиралари бўлади. Аммо шундай касблар борки, улар нафақат шарафли, балки ниҳоятда масъулиятлидир – элчилик фаолияти ана шундай соҳалардан бири.
2005-2009 йилларда Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Бош консул, 2012-2021 йилларда эса Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси сифатида сермаҳсул фаолият юритган муаллифнинг ушбу асари ҳам тарихий, ҳам илмий ва бадиий жиҳатдан беқиёс қимматга эга. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда дипломат Аброр Ғуломовнинг автобиографик асари нашр этилиб, халқимизга армуғон қилинганига гувоҳ бўлган эдик. Эндиликда ушбу анъананинг Ёдгорхўжа Шодмонов томонидан давом эттирилиши қувонарли ҳол.
Мен Ёдгорхўжа ака ҳақида “Жаҳон” ахборот агентлигида ишлаб юрган кезларимда ҳамкасблар ва устозларимиздан кўп ижобий фикрлар эшитганман. 1961 йилда туғилган муаллиф ўз фаолияти давомида дастлаб ёшлар ташкилотларида, Тошкент давлат техника университети проректори лавозимида ҳамда “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокими ўринбосари сифатида самарали меҳнат қилган.
1999-2000 йилларда Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик сервис хизмати котибияти мудири, 2000-2005 йилларда Кадрлар ва ўқув муассасалари бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, кейинчалик бошлиғи, Афғонистондаги Бош консулликдан қайтгач эса 2010-2012 йилларда Консуллик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида сидқидилдан хизмат қилди. Кўплаб инсонларга ёрдам қўлини чўзган, Ватан равнақи йўлида бор билим ва тажрибасини сафарбар этган камтарин ва малакали дипломатнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан юксак қадрланиб, 2022 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирлангани ҳам фикримиз исботидир.
Қизиқарли ва самимий тилда ёзилган ушбу китобни мутолаа қилар экансиз, элчилик даври муаллиф учун чинакам синов ва мазмунли ҳаёт мактаби бўлганига амин бўласиз.
“Бу йиллар давомида мен нафақат хизмат бурчимни адо этдим, балки дунёқарашимни кенгайтирдим, инсон қийматини, тинчлик қадрини ва меҳр-оқибатнинг беқиёс кучини янада теранроқ ҳис этдим. Бу юртда вақт билан юзма-юз туриб замон ва ҳаёт зиддиятлари билан тўғридан-тўғри тўқнаш келдим, ўзлигимни теран англадим. Ана шу икки қутб ўртасида кечган ҳаёт менга сабрнинг чегарасиз кучини, дўстликнинг беқиёс қудратини, осойишталикнинг энг бебаҳо неъмат эканини чуқурроқ англатди. Дипломатик хизматнинг машаққати, куну тун масъулияти, хавф-хатар ва синовлари менинг иродамни чиндан ҳам чиниқтирди”, деб ёзади муаллиф.
Китоб орқали Афғонистон бизга қўшни бўлса-да, ички вазияти ва мураккаб сиёсий-ҳарбий жараёнлари биз учун анча нотаниш бўлган давлатнинг ҳақиқий манзарасини англаймиз. Салкам ярим асрдан буён тинчлик нималигини билмай келаётган бу юрт одамларининг юксак ғурури, самимияти ва меҳмондўстлиги ўқувчида катта таассурот қолдиради. Муаллиф Балх, Жаузжон, Самангон, Фарёб, Ҳирот каби вилоятлар, Кобул, Мозори Шариф, Ғазни каби шаҳарлар ҳақида шундай маҳорат билан ҳикоя қиладики, воқеалар беихтиёр кўз олдингизда жонланади.
Айниқса, Афғонистоннинг 100 га яқин етакчилари, қўмондонлари ва нуфузли шахслари ҳақидаги маълумотлар, уларнинг сиёсий тийнати ва салоҳияти тарихий изчилликда маҳорат билан очиб берилган. Шунингдек, муаллифнинг оддий афғон деҳқонига бўлган эҳтироми, уларнинг матонати ва яшовчанлигига берган таърифи китобнинг таъсирчанлигини оширган.
Ёдгорхўжа Шодмонов Афғонистон Ислом Республикасининг икки президенти даврида ҳам, “Толибон” ҳокимиятга келган оғир кунларда ҳам ўз бурчига содиқ қолди. Элчихона яқинидаги мудҳиш террорчилик ҳаракати оқибатида оғир жароҳат олиб, узоқ муддат даволанган бўлса-да, мардлик билан ўз миссиясини давом эттирди. Унинг сиймосида ўз давлати манфаатини ҳар нарсадан устун қўядиган, ватандошларини ҳимоя қилишни муқаддас бурч деб биладиган ҳақиқий ватанпарвар дипломатни кўрамиз.
Асарнинг кейинги бобларида 2016 йилдан буён Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқлик, конструктив мулоқот ва прагматик ташқи сиёсатнинг мазмун-моҳияти шахсий тажрибалар асосида батафсил ёритилган.
“Икки қутб орасида” китоби шунчаки воқеалар баёни эмас, балки элчининг қалб изтироблари, ҳайратлари ва теран мушоҳадалари инъикосидир. Нодир фотосуратлар билан бойитилган ушбу асар дипломатлар, афғоншунослар, талабалар ва кенг китобхонлар оммаси учун қимматли қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Лазиз Раҳматов,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD),
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter