Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Польша ўз ядровий қуролини яратиш масаласини кўриб чиқяпти

Польша ўз ядровий қуролини яратиш масаласини кўриб чиқяпти

Польша бош вазири Дональд Туск мамлакат келажакда ўз ядровий қуролига эга бўлиш имкониятини кўриб чиқиши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар қилди.

Тускнинг айтишича, Варшава ядровий хавфсизлик масаласига жуда жиддий қарайди ва мамлакат бу соҳада имкони борича мустақил ҳаракат қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

«Польша ядровий хавфсизлик масаласига жуда жиддий муносабатда. Биз бу соҳада келажакда имкон қадар мустақил ҳаракат қилишга тайёргарлик кўрамиз», – деди Польша бош вазири.

Унинг таъкидлашича, Варшава пассив позицияда қолмоқчи эмас ва атом энергетикаси ҳамда хавфсизлик соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантиришни режалаштирмоқда.

Аввалроқ Дональд Туск Франция президенти Эммануэль Макроннинг иттифоқчи давлатларда ядровий қурол ташишга қодир қирувчи самолётларни вақтинча жойлаштириш ташаббуси юзасидан Париж билан музокаралар ўтказганини маълум қилган.

Польша бош вазири бу масала бўйича Швеция ва Дания каби Европа давлатлари билан ҳам маслаҳатлашувлар ўтказганини билдирди. Уларнинг айримлари мазкур ташаббусга қизиқиш билдирган.

Маълум қилинишича, музокараларнинг навбатдаги босқичи 10 март куни Парижда ўтадиган ядровий энергетика саммити доирасида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 2 март куни Франция президенти Эммануэль Макрон глобал хавф-хатарлар ортиб бораётгани сабаб Франция ўз ядровий арсеналини кенгайтиришини маълум қилди.

«Мен мамлакатимиз ядровий арсеналидаги ядровий зарядлар сонини ошириш бўйича кўрсатма бердим», – деди Макрон.

Шунингдек, у Франция бундан буён ўз ядровий арсенали ҳажми ҳақидаги маълумотларни очиқламаслигини ҳам қўшимча қилди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг