Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Яна бир музейдан нодир экспонатлар ўғирланди

Яна бир музейдан нодир экспонатлар ўғирланди

Сурия пойтахти Дамашқ шаҳридаги миллий музейдан Рим империяси даврига оид олтита мармар ҳайкал ва бошқа нодир артефактлар ўғирлаб кетилди.

Мамлакат музейлар бошқармаси “бир қатор экспонатларнинг йўқолиши” юзасидан текширув бошлангани, музейни қўриқлаш чоралари кучайтирилганини маълум қилган.

Музей қўриқчилари ва бошқа шахслар сўроқ қилинган.

Терговчилар жиноятни уюшган гуруҳ эмас, балки битта шахс амалга оширган, деган фикрда. Мутасаддиларга кўра, тергов идораси муайян маълумотларни қўлга киритган ва яқин вақтда натижалар маълум бўлади.

1919 йилда асос солинган Дамашқ миллий музейида нодир артефактлар, жумладан, милоддан аввалги XIV асрга оид миххат битиклари, милодий I-II асрга оид юнон-рим ҳайкаллари сақланади.

Сурияда фуқаролар уруши бошлаганидан бир йил ўтиб, 2012 йилда Дамашқ миллий музейи ёпилган эди. 2018 йилда музей фаолияти қисман тикланган. Миллий музей президент Башар Асад ҳукумати ағдарилганидан кейин, 2025 йил январь ойидан тўлақонли равишда фаолият юритиб келган.

Фуқаролар уруши даврида Суриядаги ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар, жумладан, Пальмира тарихий обидалари вайрон этилган. Музейлардаги яна кўплаб артефактлар талон-торож қилинган.

Маълумот ўрнида: жорий йил 19 октябрь куни Париждаги Лувр музейида рўй берган ўғрилик ҳам шов-шувларга сабаб бўлди. Париж прокуратураси маълумотига кўра, Лувр музейидан ўғирланган императорлик даврига оид зеб-зиёнат буюмларининг қиймати камида 88 миллион еврога тенг. Бу сумма фақат бозор баҳоси бўлиб, уларнинг тарихий қиймати ҳисобга олинмаган.

Ўғриликдан сўнг Лувр музейи раҳбарияти қолган ноёб асарлар ва заргарлик буюмларини хавфсиз жойга – Франция банкининг ер остидаги омборларига кўчиришга қарор қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг