Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мадуро Россиядан ҳарбий ёрдам сўради. АҚШ эса Венесуэлага қарши куч тўплаяпти

Мадуро Россиядан ҳарбий ёрдам сўради. АҚШ эса Венесуэлага қарши куч тўплаяпти

Фото: РИА Новости

Венесуэла президенти Николас Мадуро Россия раҳбари Владимир Путинга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш ва бир неча Су-30 ҳарбий самолётларини таъмирлаш бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бу ҳақда The Washington Post нашри АҚШ ҳукуматининг ички ҳужжатларига таяниб хабар берди.

Мадуронинг сўзларига кўра, Венесуэладаги Су-30 самолётлари мамлакат хавфсизлиги учун «энг муҳим тийиб туриш воситаси» ҳисобланади. Унинг Путинга йўллаган хатида, шунингдек, бешта радиолокация станциясини модернизация қилиш, 14 та ракета тизимини сотиб олиш ва логистика соҳасида ёрдам кўрсатиш сўралган. Шу билан бирга, у Россиянинг «Ростех» корпорациясидан уч йиллик молиявий қўллаб-қувватлаш талаб қилган. Кремль бу мурожаат ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.

Венесуэла ҳали Ҳуго Чавес давридаёқ (1999–2013) Россиядан катта миқдорда қурол харид қилганди. Аммо WP манбаларига кўра, бу қуроллардан кўпи ҳозирда ишламайди ёки эскирган. Бир собиқ венесуэла ҳарбий мансабдори 2018 йилга келиб мамлакатда фақат бешта жангга тайёр Су-30 қолганини айтган.

Мадуро, шунингдек, ҳарбий ёрдам сўраб Хитой ва Эронга ҳам мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатлар Венесуэлага АҚШ билан кучайиб бораётган қарама-қаршилик шароитида ёрдам бериши керак. Хусусан, Хитойдан радиолокация тизимларини тезроқ ишлаб чиқариш сўралган.

АҚШ ҳукумат ҳужжатларига кўра, Эрондан ҳарбий дронлар ва GPS тўсиқ қурилмалари етказиб бериш бўйича музокаралар ҳам олиб борилмоқда.

Вашингтон сўнгги ойларда Венесуэла яқинидаги Кариб денгизида ҳарбий фаоллигини кучайтирди. The Wall Street Journal ёзишича, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Венесуэладаги наркотиклар билан боғлиқ ҳарбий объектларга зарбалар бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу объектлар орасида ҳарбий портлар ва аэродромлар ҳам бор.

The Miami Herald маълумотича, ҳужумлар яқин соатлар ёки кунларда амалга оширилиши мумкин. Бироқ Трампнинг ўзи бу хабарни рад этиб, журналистларга: «Йўқ, бу нотўғри. Биз ҳеч қандай зарба режалаштирмаяпмиз», – деган.

Россия ҳануз Мадуронинг асосий таянчи бўлиб қолмоқда. Аммо таҳлилчилар фикрича, Украинадаги уруш ва Лотин Америкасидаги янги сиёсий йўналишлар туфайли Москва аввалгидек фаол қўллаб-қувватлашга қизиқмаяпти.

26 октябрь куни Каракасга санкциялар остидаги Ил-76 ҳарбий самолёти келиб қўнгани хабар қилинди, аммо у нимани олиб келгани очиқланмаган. Бир кун олдин эса Россия ва Венесуэла янги стратегик ҳамкорлик шартномасини ратификация қилган эди.

The Washington Post таъкидлашича, Вашингтон ва Каракас ўртасидаги кескинлик Россия учун маълум даражада фойдали бўлиши мумкин, чунки бу АҚШнинг диққатини Европадан чалғитади. Аммо айрим экспертлар Россия Мадурони ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлай олиш эҳтимолини паст, деб ҳисоблайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг